Европада тажовузкор чумолилар инфратузилмаларга зарар етказмоқда
Швейцарияда чумолилар 3 миллиард фунтлик лойиҳа қурилишини тўхтатган.

Буюк Британияда экологлар янги хавф ҳақида огоҳлантирмоқда – мамлакат ҳудудида “супер чумолилар” деб аталувчи Tapinoma magnum турлари тез суръатда кўпаймоқда. Колониялар сони 5 миллионга яқинлашган.
Daily Mail нашрига таянадиган Oxu.Azнинг маълум қилишича, ушбу чумолилар илгари Европанинг Германия, Франция ва Швейцария каби давлатларида ҳам жиддий муаммолар келтириб чиқарган – пиёдалар йўлакларининг чўкиши, электр таъминотидаги узилишлар ва қурилиш инфратузилмаларининг бузилиши шулар жумласидандир.
Кўринишидан оддий қора чумолиларга ўхшаган бу турлар ниҳоятда тажовузкор ва ўзгача ижтимоий тузилмага эга. Уларнинг колонияларида минглаб малика бўлиши мумкин. Энг ажабланарлиси – ҳар бир колония бир-бирига рақиб эмас, балки ҳамкор сифатида ёндашади. Натижада улкан супер колониялар пайдо бўлади ва улар ўз ҳудудини яшин тезлигида кенгайтиради.
Швейцарияда ана шундай йирик колония 3 миллиард фунт стерлинглик инфратузилма лойиҳасини тўхтатишга мажбур қилгани айтилмоқда.
Британиялик олимлар чумолилар аллақачон Ғарбий Сассекс ва Ссилли оролларида аниқланганини билдирмоқда. Уларнинг таъкидлашича, инсектицидлар ҳам самарасиз – “супер чумолилар” заҳарни аниқлаб, устига тупроқ билан ёпиб ташлайди.
Мутахассислар фикрига кўра, иқлим ўзгариши бу тур учун янада қулай муҳит яратмоқда ва уларнинг шаҳарларга кириб бориш хавфи ортиб бормоқда.







