Қозоғистон Афғонистонда темир йўл қурилишига 500 миллион доллар сармоя киритади
Турғунди–Ҳирот йўналишидаги темир йўл ҳамкорликда барпо этилиши режалаштирилган.

Қозоғистон Афғонистон инфратузилмасига йирик сармоя киритмоқда. Мамлакат Турғунди–Ҳирот темир йўли қурилишини молиялаштириш учун 500 миллион АҚШ доллари ажратади. Бу ҳақда Афғонистон Жамоат ишлари вазирлиги матбуот котиби ижтимоий тармоқларда маълум қилди.
Қарор Қозоғистон Транспорт вазирлиги билан Афғонистон томони ўртасидаги учрашувда қабул қилинган. Янги темир йўл нафақат минтақавий савдо ва юк ташиш имкониятларини кенгайтиради, балки Афғонистон иқтисодиётини тиклашда муҳим роль ўйнаши кутилмоқда.
Маълумот учун, Қозоғистон 2025 йил апрель ойида Афғонистонга инсонпарварлик ёрдами сифатида 3 тоннадан ортиқ дори-дармон етказиб берган эди.
Янги темир йўл лойиҳаси икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий ва логистика алоқаларини мустаҳкамлаш, шунингдек, Марказий Осиё минтақасида барқарорлик ва тараққиётни қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.







