Қозоғистон Россия билан иссиқлик электр станциялари қурилиши бўйича ҳамкорликдан воз кечди
Бош вазир Олжас Бектенов Россиядан ёрдам кутмасдан қурилиш бошлангани ҳақида маълум қилди.

Қозоғистон ҳукумати иссиқлик электр марказлари (ИЭМ) қурилиши бўйича Россия билан тузилган келишувдан воз кечиб, лойиҳа амалга оширилишини мустақил равишда бошлади. Бу ҳақда мамлакат Бош вазири Олжас Бектенов матбуот анжуманида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, дастлаб Россия билан 2,7 миллиард долларлик қийматга эга ИЭМлар қурилиши ҳақида келишувга эришилган эди. Бироқ, Россия томонидан арзон молиялаштириш бўйича аниқ кафолат тақдим этилмагани сабаб, лойиҳа ички имкониятлар ҳисобига амалга оширилмоқда.
"Ҳозирча Россиядан арзон ва кафолатли молиялаштиришга оид аниқ маълумот олмаганимиз сабабли, Кокчетау шаҳрида ҳеч кимга мурожаат қилмасдан ўз кучимиз билан қурилишни бошладик", — деди Бектенов.
Ушбу электр марказлари Қозоғистоннинг уч шаҳрида барпо этилмоқда.







