Сурияда яна урушлар бошланди. Исроил можарога аралашмоқда
Друз гуруҳлари ва бадавий жангарилар ўртасида бошланган қуролли можаро кескин тус олмоқда. Ўнлаб қурбонлар, юзлаб жароҳатланганлар бор.

Сурия жанубидаги Сувайда вилоятида қуролланган друз гуруҳлари ва бадавий жангарилар ўртасида бошланган тўқнашувлар кучаймоқда. Можаро 13 июль куни бир-бирини ўғирлаш ҳолатларидан бошланган. Натижада икки томон ўртасида отишма юзага келиб, оғир йўқотишларга олиб келди.
Расмий маълумотларга кўра, тўқнашувлар оқибатида камида 37 киши ҳалок бўлган, шулардан 27 нафари друз жамоаси аъзоси. Қурбонлар орасида болалар ҳам бор. Ҳозирда маҳаллий шифохоналарда 100 дан ортиқ ярадорга тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. Айрим манбаларга кўра, ҳалок бўлганлар сони 90 нафардан ошган.
Сурия Мудофаа вазирлиги тинчликни тиклаш мақсадида Сувайда вилоятига ҳарбий кучлар юборганини маълум қилди. Ваҳимали вазият туфайли Исроил армияси ҳудуддаги ҳукумат ҳарбий техникасига зарбалар берган. Исроил расмийлари бу ҳаракатни “друз фуқароларини ҳимоя қилиш” деб изоҳлаган.
Расмий Тел-Авив Сувайда ва унинг атрофидаги ҳудудлар демилитаризация қилиниши лозимлигини талаб қилмоқда. Исроил ҳукумати бу ерда яқинда ташкил этилган Суриянинг муваққат ҳукумати томонидан хавфсизлик таҳдиди келиб чиқиши мумкинлигини билдирмоқда.
Сурия президенти Аҳмад аш-Шаръа мамлакатда ижтимоий барқарорликни тиклашга чақириб, хавфсизлик кучларини можаро ҳудудларига жойлаштиришни буюрди. Шу билан бирга, диний етакчилар ва маҳаллий ҳокимият вакиллари аҳолини тинчликни сақлашга чақирмоқда.
Сурия Ташқи ишлар вазирлиги барча давлатларни Сурия суверенитетини ҳурмат қилишга ва ташқи аралашувлардан тийилишга чақирди.







