Трамп Путинга урушни тўхтатиш учун 50 кун муҳлат берди
Акс ҳолда АҚШ 100 фоизлик бож ва янги қуроллар билан Россияга жавоб қайтаради.

АҚШ президенти Доналд Трамп Россияни Украинадаги урушни 50 кун ичида тўхтатишга чақирди. Акс ҳолда, Москванинг қолган савдо ҳамкорларига ҳам 100 фоизлик иккиламчи божлар жорий қилинишини маълум қилди. Бу ҳақда The New York Times хабар қилган.
“Путин билан тўрт марта келишиб олгандек бўлдик, лекин ҳар сафар муроса бузилди,” деди Трамп НАТО бош котиби Марк Рутте билан учрашувда.
Трамп шунингдек, НАТО орқали Украинага замонавий қурол-яроғлар, жумладан, Патриот ҳаво мудофааси тизимлари юборилишини ҳам эълон қилди. Бу келишув “минглаб қуроллар”ни ўз ичига олади ва Трампнинг Украинага ёрдам борасидаги олдинги шикоятларига жавоб бўлиши кутилмоқда.
Бироқ Европа Иттифоқининг ташқи ишлар раҳбари Кажа Каллас 50 кунлик муҳлатни танқид қилиб, “ҳар куни бегуноҳ инсонлар ҳалок бўлаётган бир пайтда бу жуда узоқ муддат,” деган.
Россия шарқий Украинанинг икки қишлоғини эгаллаганини маълум қилди ва ҳаво ҳужумлари натижасида камида уч нафар тинч аҳоли ҳалок бўлган.
Украина президенти Володимир Зеленский эса мамлакатда сиёсий ўзгаришлар бошланишини эълон қилиб, янги Бош вазир сифатида Юлия Свириденкони тайинлади. Свириденко бу даврни “ҳал қилувчи паллалар” дея баҳолади.







