Таниқли блогер Абдурозиқ Дубай аэропортида ҳибсга олинди
21 ёшли блогер ҳозирда Дубайда яшайди, БАА Олтин визасига эга.

Асли тожикистонлик машҳур блогер ва хонанда Абдурозиқ Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай халқаро аэропортида ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан ҳибсга олинди. У ўғирликда гумон қилинаётгани айтилмоқда.
Маълумотларга кўра, 21 ёшли блогер Черногориядан тонгда Дубайга етиб келганидан сўнг қўлга олинган. Унинг бўйи бир метрга яқин бўлиб, у минтақадаги энг машҳур интернет юлдузларидан бири ҳисобланади.
Абдурозиқ бир неча йилдан буён Дубайда яшаб келади ва БААнинг Олтин визасига эга. У Bigg Boss 16 реалити-шоуси, мусиқий чиқишлари ва видеолари орқали халқаро миқёсда танилган.
2024 йилда у Дубайда Coca-Cola Arenaда боксдаги илк жангини ўтказган, Буюк Британияда эса “Habibi” ресторан брендини ишга туширган эди.
Шунингдек, ўтган йили Ҳиндистонда меҳмонхона бизнеси билан боғлиқ пул ювиш терговида гувоҳ сифатида сўроқ қилинган, бироқ ўшанда унга ҳеч қандай айблов қўйилмаган.







