Сурия можаросига дипломатик ечим: Туркия воситачилик қилди
Турк разведкаси ва юқори даражадаги мулоқотлар натижасида друзлар ва ҳукумат кучлари ўртасида сулҳга эришилди. Музокараларда АҚШ ва Исроил ҳам иштирок этди.

Сурияда сўнгги кунларда авж олган қуролли тўқнашувлар ва Исроил томонидан амалга оширилган ҳаво ҳужумлари ортидан минтақада вазият мураккаблашган эди. Аммо Туркия ҳукумати ва разведка хизмати ўзининг фаол дипломатик ҳаракатлари билан можарони жиловлашда муҳим воситачилик ролини ўйнади. Бу ҳақда Al Arabiya нашри турли дипломатик манбаларга таянилиб хабар бермоқда.
Манбаларга кўра, Туркия Миллий разведка ташкилоти (MIT) раҳбари Иброҳим Калин бевосита Суриядаги друзлар етакчиси билан музокаралар олиб борган. Музокаралар давомида друз жанггариларининг қуролли ҳаракатларини тўхтатиш ва вазиятни барқарорлаштириш масалалари муҳокама қилинган.
Шунингдек, Калин АҚШ, Исроил ва Суриянинг разведка раҳбарлари билан алоҳида-алоҳида алоқага чиқиб, ҳудудда содир бўлган ҳаво ҳужумларининг оқибатларини камайтириш ва томонларни зудлик билан ўзаро келишувга чақиришга қаратилган музокаралар ўтказган.
Дипломатик манбаларга кўра, Калин ҳатто Суриянинг Президент маъмурияти раҳбари Аҳмад ал-Шара билан мулоқот олиб борган. Улар ўртасида Исроилнинг Дамашқ ва Сувайда вилоятларидаги ҳужумлари, минтақадаги друз ва бадавий гуруҳлар ўртасидаги тўқнашувлар, ҳамда Суриянинг ички хавфсизлик стратегияси муҳокама қилинган.







