Ҳиндистонда яшин уриши оқибатида 33 киши ҳалок бўлди
Яшин уришидан вафот этганларнинг кўпчилиги деҳқонлар ва очиқ майдонда меҳнат қилаётган ишчилардир.

Ҳиндистоннинг шарқий ҳудудларида бир ҳафта давом этган муссон ёмғирлари ва кучли бўронлар мамлакатга жиддий талфот етказмоқда. Hindustan Times’нинг ёзишича, яшин уриши оқибатида камида 33 киши ҳаётдан кўз юмган.
Ҳодисалар асосан Бихар штатида юз берган бўлиб, ҳалок бўлганларнинг аксарияти очиқ майдонларда меҳнат қилаётган деҳқонлар ва ишчилардир.
Расмийлар билдиришича, муссон мавсуми давомида Бихарда ҳар йили сув тошқинлари, чақмоқ уришлари ва бошқа табиий офатлар минглаб одамларнинг яшаш жойларини тарк этишига сабаб бўлади. Ушбу ҳолатлар маҳаллий аҳолининг хавфсизлигини таъминлаш заруратини яна бир бор кун тартибига чиқармоқда.







