Россияга кирaётган мигрантлар карантинга олиниши мумкин
2025 йилнинг беш ойида Россияда 1266 та инфекция ҳолати қайд этилган, бу ўтган йилга нисбатан 260 фоизга кўп.

Россияда сўнгги вақтларда менингит ҳолатларининг кескин ортиб бораётгани сабаб мамлакатга кириб келаётган мигрантларни карантинга жойлаштириш масаласи кўтарилмоқда. Бу таклиф билан Россия Давлат Думаси депутати Сергей Миронов чиқди.
Депутатнинг таъкидлашича, ушбу эҳтиёт чораси инфекцион касалликларнинг, хусусан, менингитнинг тарқалишини жиловлашга хизмат қилади. Унга кўра, касаллик ҳолатларининг кўпайиши эмланмаган хорижликлар билан боғлиқ бўлиши мумкин.
— Уларни мамлакатга кириб бўлгач назоратга олишнинг фойдаси йўқ, — дейди Миронов.
Депутат шунингдек, меҳнат визаси олиш учун мигрантлардан хавфли касалликлар йўқлигини тасдиқловчи маълумотнома талаб қилиниши кераклигини ҳам илгари сурди.
Маълумотларга кўра, 2025 йилнинг дастлабки беш ойида Россияда 1266 та инфекцион касаллик ҳолати аниқланган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 260 фоизга ошган.







