Туркия Украина-Россия музокараларига яна мезбонлик қилади
Эрдоған ва Путин телефон орқали гаплашди.

Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдоған Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот олиб борди. Бу ҳақда Туркия Президент маъмурияти расмий баёнот берди.
Суҳбат чоғида икки давлат ўртасидаги икки томонлама муносабатлар, шунингдек, минтақавий ва глобал хавфсизлик масалалари муҳокама қилинди. Эрдоған Россия ва Украина ўртасида тўғридан-тўғри музокараларнинг учинчи босқичини бошлаш муҳимлигини қайд этди ва Истанбул бу жараёнга яна мезбонлик қилишга тайёр эканини билдирди.
— Туркия томонлар келишганидан сўнг, музокараларнинг янги босқичини Истанбулда ўтказишга тайёр, — дейилади Президент маъмурияти баёнотида.
Бундан ташқари, Эрдоған Суриядаги вазиятни муҳокама қиларкан, Туркия ушбу ҳудудда барқарорликни таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини давом эттираётганини таъкидлади.







