15 ёшида комага тушган Саудия шаҳзодаси оламдан ўтди
20 йил давомида ҳушига келмаган Алвалид бин Холид бин Талал “уйқудаги шаҳзода” номи билан танилган эди.

Саудия Арабистони Қироллик оиласининг аъзоси, Алвалид бин Холид бин Талал Ал Сауд узоқ давом этган оғир хасталикдан сўнг вафот этди. У 20 йилдан ортиқ вақт давомида кома ҳолатида бўлган.
Шаҳзода Алвалид 1990-йилда туғилган бўлиб, шаҳзода Холид бин Талал Ал Сауднинг тўнғич фарзанди ва Саудия миллиардери, таниқли арбоб Алвалид бин Талал Ал Сауднинг жияни эди. 2005-йилда Лондондаги ҳарбий литсейда таҳсил олаётган вақтида йўл-транспорт ҳодисасига учраган ва оғир бош мия шикастланиши ҳамда ички қон кетиши оқибатида ҳушини йўқотган. Ўша вақтда у атиги 15 ёшда эди.
Воқеадан сўнг АҚШ ва Испаниянинг етакчи тиббиёт муассасаларида мутахассислар томонидан кўрсатилган шошилинч ва узоқ муддатли даволаш чоралари самара бермаган. Шунга қарамай, шаҳзоданинг отаси, шаҳзода Холид бин Талал, фарзандининг ҳаётига сунъий нафас ва қўллаб-қувватловчи қурилмаларни узиб қўйиш ҳақидаги тавсияларни қатъий рад этиб, доимо ўғлининг соғайишига умид қилиб яшаган. Баъзида кузатилган беиҳтиёр ҳаракатлар эса оилада оз бўлса-да, ижобий силжиш эҳтимоли борлиги ҳақидаги ишончни сақлаб турган.
Шаҳзода Алвалид бин Холид бин Талал Ал Сауднинг вафоти муносабати билан Саудия Қироллик оиласи, шунингдек, кўплаб давлат арбоблари, диний раҳбарлар ва халқ вакиллари томонидан чуқур таъзия изҳор этилди.







