Индонезияда бортида 280 га яқин йўловчиси бўлган кема ёниб кетди
Расмийлар ҳалок бўлганлар борлиги ҳақидаги хабарларни ҳозирча тасдиқламади.

20 июль куни Индонезия сув ҳудудларида йўловчилар билан тўла паромда катта ёнғин юз берди. Маҳаллий ОАВ ва гувоҳларнинг берган хабарларига кўра, паром бортида 280 га яқин киши бўлган.
Дастлабки маълумотларга кўра, ёнғин пастки палубалардан қуюқ қора тутун чиқиши билан бошланган. Бу ҳолат бортда ваҳима ва тартибсизликка олиб келган. Йўловчиларнинг баъзилари кемадан сакраб тушишга мажбур бўлган, айрим кадрларда паром ходимлари одамларни эвакуация қилишга ҳаракат қилаётгани, уларга қутқарув жилетларини маҳкамлашда ёрдам бераётгани акс этган.
Воқеа жойидан олинган видеоларда йўловчиларнинг қичқириғи, ёрдам чақируқлари ва паромнинг олов ичида қолган қисми яққол кўринади. ОАВларда тарқалган маълумотларга кўра, бортда бўлган одамларнинг баъзилари ёнғин ўчгунча палубада қамалиб қолган бўлиши мумкин.
Индонезия расмий идоралари ҳозирча қурбонлар ҳақида аниқ маълумот бергани йўқ. Фавқулодда вазиятлар хизматлари ва қутқарув гуруҳлари ҳодиса жойига етиб бориб, эвакуация ва ёнғин ўчириш ишларини давом эттирмоқда. Воқеанинг сабаблари бўйича тергов ҳаракатлари бошланган.







