Хитой дунёдаги энг йирик гидроэлектр станцияси қурилишини бошлади
Power China қурaётган ушбу ГЭС ҳажм жиҳатидан “Уч Горжес тўғони”дан ҳам ўтиб кетиши мумкин.

Хитой ҳукумати Тибет платосида жойлашган Ярлунг Тсангпо дарёсида дунёдаги энг йирик гидроэлектр станциясини қуришга киришди. Бу ҳақда “Интерфакс” агентлиги хабар берди.
Лойиҳа очилиш маросимида Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши Бош вазири Ли Тсян иштирок этди. Қурилиш ишларини Power China компанияси амалга оширмоқда. Компания ҳисоб-китобларига кўра, мазкур ГЭС йилига 300 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариш қувватига эга бўлади. Қурилиш қиймати 167,1 миллиард АҚШ долларига баҳоланмоқда.
ГЭС томонидан ишлаб чиқариладиган электр энергияси нафақат маҳаллий эҳтиёжларни, балки минтақадан ташқаридаги ҳудудларни ҳам таъминлашга хизмат қилиши режалаштирилган.
Ярлунг Тсангпо дарёси Ҳиндистон ҳудудида Брахмапутра, Бангладешда эса Жамуна номи билан танилган бўлиб, Жанубий Осиёдаги энг йирик сув манбаларидан бири ҳисобланади. Шу сабабли лойиҳа Ҳиндистон ва Бангладешда хавотир уйғотди.
Январ ойида Ҳиндистон расмийлари Хитойдан лойиҳа дарёнинг қуйи оқимидаги аҳолига зарар етказмаслигига кафолат беришни сўради. Хитой Ташқи ишлар вазирлиги эса бу қурилиш қуйи оқимдаги ҳудудларга салбий таъсир кўрсатмаслигини билдирган ва минтақавий ҳамкорликни давом эттиришга тайёр эканини маълум қилган.
Оммавий ахборот воситаларининг таъкидлашича, қурилиш якунлангач, мазкур иншоот ҳажми бўйича Хитойнинг Хубей провинциясида жойлашган ва ҳозирда дунёдаги энг йирик ГЭС ҳисобланган “Уч Горжес тўғони”дан ҳам ошиб кетиши мумкин.








