Афғонистонда нотўғри ҳижоб кийган аёллар оммавий тарзда ҳибсга олинди
БМТ ва инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Афғонистондаги бу каби ҳибсларни халқаро нормаларга зид деб баҳоламоқда.

Афғонистон пойтахти Кобулда бир нечта туманларда аёллар “шариат талабларига мос бўлмаган тарзда ҳижоб таққани” учун оммавий тарзда ҳибсга олинди. Бу ҳақда Коммерсант.ru хабар берди.
Хабарларда айтилишича, ҳибсга олиш тадбирлари Эзгуликни тарғиб қилиш ва иллатларнинг олдини олиш вазирлиги (PPIE – Ministry for the Promotion of Virtue and Prevention of Vice) ходимлари иштирокида амалга оширилган. Айни пайтда ҳибсга олинган аёлларнинг сони ва улар қаерда сақланаётгани ҳақида расмий маълумот мавжуд эмас.
Ҳодиса ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Кўплаб гувоҳларнинг сўзларига кўра, хавфсизлик ходимлари томонидан аёллар транспорт воситаларига мажбуран олиб чиқилган ва уларнинг қаршилиги инобатга олинмаган. Айрим ҳолларда, аёллар билан бирга бўлган эркаклар ҳам сўроқ қилиш учун олиб кетилган.
Толибон ҳукумати аёлларга нисбатан жорий қилган чекловлари:
2021 йилда ҳокимият тепасига келган Толибон аёллар эркинлигига оид қатор қонуний кафолатларни бекор қилди.
2022 йилдан бошлаб, барча аёллар учун ҳижоб (юзни тўсадиган бурқа) тақиш мажбурий қилинди.
Аёллар олий ва ўрта таълим олиш ҳуқуқидан маҳрум қилинди.
Аёллар мустақил ишлаши, узоқ сафарга эркак қариндошисиз чиқиши ва кўплаб касб фаолиятида қатнашиши тақиқланган.
2024 йил бошларида эса аёллар ўзаро жамоат жойларида мулоқот қилиши ва биргаликда йиғилишлар ўтказиши ҳам тақиқланган эди.
Афғонистон бўйича БМТ махсус вакиллари ва инсон ҳуқуқлари ташкилотлари бу чеклов ва ҳибсга олишларни инсон ҳуқуқларининг очиқ бузилиши сифатида баҳоламоқда. Хусусан, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши бу каби амалиётлар халқаро ҳуқуқ нормаларига зид эканини таъкидлаб келмоқда.








