Россияда айрим касблар учун муҳожирларга рус тили талаби кучайтирилди
Тил ва қонунларни билмайдиган чет элликлар Россияда одамлар билан бевосита мулоқот талаб қилинадиган касбларда ишлай олмайди.

Россия Федерацияси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги хорижий фуқароларни ишга қабул қилиш тартибига оид қонун ҳужжатларига бир қатор ўзгартишлар киритмоқда. Бу ҳақда вазир ўринбосари Андрей Пудов Давлат Думасининг меҳнат масалалари бўйича қўмитаси йиғилишида маълум қилди.
Янги тартибга кўра, Россияда ҳайдовчи, тиббиёт ходими ва савдо соҳасида фаолият юритувчи муҳожирлар рус тилини, Россия тарихини ва қонунчилигини билиш бўйича тест топшириш мажбуриятидан озод қилинмайди.
Бу ўзгаришлар илгари Давлат Думаси томонидан кўриб чиқилган ҳукумат квотаси асосида ишлаётган муҳожирлар учун тестлардан озод қилиш ҳақидаги қонун лойиҳасига жавобан ишлаб чиқилди. Дума раиси Вячеслав Володиннинг таъкидлашича, тил ва қонунларни билмайдиган муҳожирларнинг мулоқот талаб қилинадиган касбларда ишлаши Россия фуқаролари билан самарали мулоқотга тўсқинлик қилиши мумкин.
Шу боис Меҳнат вазирлиги янги буйруқ лойиҳасини тайёрлади. Унга кўра, малакали чет эллик тиббиёт ходимлари энди квотадан мустасно тартибда ишлаш ҳуқуқига эга бўлмайди. Бундан ташқари, Россия субъектлари квота асосида ишга қабул қилиш бўйича таклиф тайёрлар экан, эндиликда мулоқотга асосланган касблар — ҳайдовчи, сотувчи, тиббиёт ходими каби лавозимларга мигрантларни ишга жалб этиш учун ариза топширолмайди.







