Хитойда “ишга боришни истамайдиганлар” учун клиника очилди
Клиника “депрессия” атамасидан қочиб, беморлар учун психологик тўсиқларни енгиллаштиради.

Хитойнинг Хэбей провинциясида жойлашган интеграциялашган тиббиёт марказида ноодатий йўналишда фаолият юритувчи “Ишга боришни истамасликни даволаш клиникаси” очилди. Бу ташаббус жамиятда катта қизиқиш уйғотди ва кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Бу ҳақда South China Morning Post нашри хабар берди.
Ғарбий ва анъанавий хитой тиббиёти асосида фаолият юритувчи клиника касбий чарчоқ, руҳий тушкунлик, ҳиссий зўриқиш ва иш фаолиятига нисбатан маъно йўқлиги каби психологик ҳолатлар билан курашаётган беморларни қабул қилмоқда.
Уйқу ва психологик саломатлик бўлими директори Юэ Лиминнинг маълум қилишича, ушбу лойиҳа мактабга боришни хоҳламайдиган болалар учун аввал очилган клиника тажрибасидан илҳомланган. Болаларининг психологик муаммолари юзасидан мурожаат қилган ота-оналар кўп ҳолларда ўзлари учун ҳам шунга ўхшаш ёрдам сўраган.
Клиника психологик муаммоларга дуч келган шахсларга енгиллик яратиш мақсадида “депрессия” ёки “ташвиш” каби оғир тушунчалардан фойдаланмайди. Бунинг ўрнига, беморларга очиқ мулоқот ва ҳиссий енгиллик учун қулай шароит яратишга урғу берилади.
Муолажалар дастлаб психологик суҳбатлар орқали бошланади, шундан сўнг гипертиреоз каби жисмоний касалликларни истисно этиш мақсадида умумий текширувлар ўтказилади. Ҳар бир бемор учун индивидуал терапия дастури ишлаб чиқилади.








