Иссиқ ҳаво ва сув танқислиги Эрон ҳаётини издан чиқарди
Бир қатор вилоятларда давлат идоралари ва банклар вақтинча ёпилди.

22-июль куни Эронда кескин иссиқ ҳаво ва энергетика инқирози туфайли бир қатор давлат идоралари ва банклар ўз фаолиятини вақтинча тўхтатди. Расмий маълумотларга кўра, айрим ҳудудларда ҳарорат +50 даражагача кўтарилган.
“Free Iran” манбасининг хабар беришича, сув ва электр энергияси тақчиллиги ғайритаъбий даражадаги жазирма билан бир вақтга тўғри келиб, расмийларни шошилинч чоралар кўришга мажбур қилган.
EtemadOnline агентлигининг ёзишича, бугун Теҳрон, Хузистон, Кирмоншоҳ, Марказий, Систон ва Балуҷистон, Ҳормозгон, Илом ҳамда Қум вилоятларида барча давлат муассасалари, банклар ва йирик бизнеслар ёпилган. Айрим ҳудудларда электр энергияси соатлаб узилиб қолаяпти, ичимлик суви эса қаттиқ нормага туширилгани айтилмоқда.
Маҳаллий соғлиқни сақлаш органлари юрак ва нафас йўллари билан боғлиқ хасталиклари бор фуқароларга уйда қолишни, аҳолини эса соя жойларда бўлишни, суюқлик истеъмолини кўпайтиришни тавсия қилмоқда. Тез ёрдам хизматлари кучайтирилган тартибда фаолият юритмоқда.
Мутахассисларнинг фикрича, бундай экстремал иқлим ҳолатлари яқин келажакда янада кўпроқ учраши мумкин, бу эса иқлим ўзгаришлари фонида Эрон инфратузилмасининг заиф нуқталарини очиқлаб бермоқда.







