Талабалик даврида ота бўлган ёшлар учун бюджетда ўқиш имконияти таклиф этилди
LDPR раҳбари бу ташаббус ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш ва таълим тенглигини таъминлашга хизмат қилишини билдирди.

Россия Либерал-демократик партияси (LDPR) раҳбари Леонид Слуцкий мамлакат Таълим ва фан вазирлигига мурожаат йўллаб, ўрта касб-ҳунар ёки олий таълим муассасаларида ўқиётган ҳамда талабалик даврида ота бўлган ёшларга контракт асосида ўқишдан давлат гранти (бюджет) асосида ўқишга ўтиш ҳуқуқини беришни таклиф қилди.
Мурожаатда бу таклиф минглаб талабаларнинг ижтимоий ва молиявий аҳволини енгиллаштиришга хизмат қилиши, айниқса ёш оилаларга таълимда тенг имконият яратишда муҳим қадам бўлиши қайд этилган.
“LDPR фақат она бўлган талабаларга эмас, балки ота бўлган ёшларни ҳам тенг қўллаб-қувватлаши лозим. Улар ҳам ўқишни бепул давом эттириш имконига эга бўлишлари керак”, — дейди Слуцкий.
Ҳозирда Россия қонунчилигида ўқиш вақтида фарзанд кўрган аёлларгагина бундай имтиёз тақдим этилган. Янги ташаббус қабул қилинса, бу имтиёздан йигитлар ҳам фойдаланишлари мумкин бўлади.
Ташаббуснинг асосий мақсади — ёш оилаларни рағбатлантириш, таълим олишдаги молиявий тўсиқларни камайтириш ва ижтимоий барқарорликни таъминлашдан иборат. Масала юзасидан якуний қарорни Россия ҳукумати қабул қилади.








