Грецияда жазирама туфайли очиқ ҳавода ишлаш тақиқланди
Аҳолини жазирама таъсиридан ҳимояланиш учун кондиционерли махсус жойлар ташкил этилмоқда.

Sweden Herald хабарига кўра, Грецияда кучли иссиқ туфайли баъзи ҳудудларда соат 12:00 дан 17:00 гача очиқ ҳавода ишлаш вақтинча тақиқланмоқда. Бу чеклов пойтахт Афина ва мамлакатнинг бошқа кўплаб ҳудудларида қурилиш, курьерлик ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида фаолият юритаётганлар учун амал қилади.
Иссиқлик Грециянинг марказий ҳудудларида 43 даражага, йирик шаҳарларида эса 40 даражагача кўтарилиши кутилмоқда. Шу муносабат билан кўплаб шаҳарларда аҳолига жазирама таъсиридан ҳимояланиш учун кондиционерли махсус жойлар ташкил этилган.
Шунингдек, Туркияда ҳам аномал иссиқлик кузатилмоқда. Мамлакат метеорология хизмати огоҳлантиришича, ҳафта давомида Диярбакир шаҳрида ҳарорат 45 даражагача, сайёҳлар орасида машҳур бўлган Анталияда эса 40 даражагача етиши мумкин.







