Эронда сув танқислиги кучаймоқда: Табризда сув захиралари атиги 75 кунга етади
Вилоятда йиллик ичимлик суви истеъмоли 380 миллион куб метрга етган.

Эроннинг Табриз шаҳрида сув захиралари кескин камайиб, инқироз даражасига етди. Шарқий Озарбайжон вилояти минтақавий сув хўжалиги раҳбари Юсиф Ғофарзоданинг маълум қилишича, шаҳарда атиғи 75 кунлик сув захираси қолган.
Расмий маълумотларга кўра, вилоятдаги ичимлик суви истеъмоли ўртача сониясига 12 минг литрни ташкил қилмоқда, баъзи вақтларда бу кўрсаткич 13 минг литрдан ошиб кетмоқда. Йиллик сув истеъмоли 380 миллион куб метрга етган бўлиб, бу хавотирли кўрсаткич саналади.
“Қишлоқ жойларда эса йилига қарийб 90 миллион куб метр сув сарфланмоқда”, — дейди Ғофарзода.
Унинг сўзларига кўра, вилоятдаги бешта шаҳар аллақачон инқироз ҳолатида (қизил мақомда), яна тўққизта шаҳар эса хавфли чегарага яқинлашган. Табриз ҳам ҳозирда сув танқислигининг оғир босқичига кирган шаҳарлардан бири сифатида қайд этилди.







