Буюк Британияда юзлаб депутатлар Фаластин мустақиллигини тан олишни талаб қилди
Депутатлар Буюк Британиянинг БМТдаги роли ва тарихий мажбуриятларини инобатга олиб, Фаластинни тан олишни муҳим қадам деб билмоқда.

Буюк Британия парламентининг турли партияларга мансуб 220 нафар аъзоси мамлакат Бош вазири Кир Стармерга мурожаат йўллаб, Фаластин давлатининг мустақиллигини тан олишга чақирди. Бу ҳақда The Guardian нашри хабар бермоқда.
Мурожаатда қайд этилишича, “Буюк Британия Фаластиннинг тўлиқ эркинлиги ва суверенитетини таъминлай олмаслигини англаган ҳолда ҳам, расмий тан олиш муҳим сиёсий ва дипломатик сигнал бўлиб хизмат қилади. Бу айниқса Буюк Британиянинг БМТ Хавфсизлик Кенгашидаги доимий аъзолиги ва тарихий масъулияти билан боғлиқ”.
Депутатлар бу қадам Яқин Шарқда барқарорлик ва икки давлатли ечим сари йўл очишда халқаро ҳамжамиятга кучли сиёсий сигнал бўлишини таъкидлашган.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил 24 июль куни Франция Президенти Эммануэль Макрон Парижда берган баёнотида мамлакат яқин орада Фаластинни мустақил давлат сифатида тан олишини эълон қилган эди. Унга кўра, бу қарор Франциянинг халқаро ҳуқуққа содиқлиги ва икки томонлама тинчлик келишувидаги иштирокини ифода этади.
Фаластин мустақиллигини ҳозиргача дунё бўйича 140 дан ортиқ давлат тан олган. Европа Иттифоқининг баъзи аъзолари ҳам сўнгги ойларда шу йўналишда ташаббуслар кўрсатмоқда.







