Италия аэропортларида оммавий иш ташлаш бошланди
Минглаб йўловчиларнинг парвозлари кечикиши ёки бекор қилиниши мумкин.

Италия аэропортларида 26-июль куни тўрт соатлик умумий иш ташлаш ўтказилиши режалаштирилмоқда. Бу эса сайёҳлик мавсумининг энг юқори чўққисида ўнлаб рейсларнинг кечикиши ва бекор қилинишга олиб келиши мумкин.
Euronews хабарига кўра, барча йирик аэропортларда маҳаллий вақт билан соат 13:00 дан 17:00 гача юк ташувчилар, ер ходимлари ва бошқа аэропорт ходимлари иш ташлашади.
Намойишчилар иш жойларида хавфсизликни ошириш, меҳнат шароитларини яхшилаш, касбий ва шахсий ҳаёт ўртасида мувозанатни таъминлаш каби талабларни илгари сурмоқда. Шунингдек, улар ижтимоий кафолатларни сақлаган ҳолда миллий меҳнат шартномаларини узайтиришни сўрамоқда.
Иш ташлаш EasyJet, Ryanair, British Airways, Wizz Air, TUI, Volotea ҳамда Италиядаги миллий авиакомпания ITA Airways (собиқ Alitalia) каби йирик авиакомпанияларга зарар етказиши кутилмоқда.
Вазият бошқа Европа давлатларидаги иш ташлашлар билан янада мураккаблашмоқда. Испания ва Португалия аэропортларида ҳам норозилик намойишлари бўлиб ўтмоқда, бу эса ёзги сайёҳат мавсумида минглаб сайёҳлар учун транспорт инқирозини келтириб чиқариши мумкин.
Италиядаги норозиликлар мамлакатнинг асосий аэропортларини қамраб олади: Милан-Мальпенса, Милан-Линате, Рим-Фьюмичино, Флоренция, Неапол ва Венеция. Айниқса, Милан-Линате аэропортида қийин вазият кутилмоқда, чунки йўловчиларни рўйхатдан ўтказиш ва дарвоза хизматлари учун масъул Swissport ходимлари ҳам иш ташлашга қўшилади.
Испанияда иш ташлаш ҳаракатига Volotea авиакомпанияси учувчилари ва экипаж аъзолари бошчилик қилмоқда. Бу компания йўналишлари Европанинг 100 дан ортиқ шаҳарларини қамраб олади, бу эса кўплаб машҳур сайёҳат йўналишларида авиақатновларни жиддий равишда бузиши мумкин.
Энг узоқ давом этадиган норозилик намойиши Португалияда кутилмоқда. Бу ерда Groundforce (ҳозирги Menzies Aviation) ходимлари 26-июль соат 00:00 дан 29-июль 00:00 гача уч кунлик иш ташлашни эълон қилган. Уларнинг ҳаракати Лиссабон аэропорти фаолиятини бутунлай фалаж қилиши мумкин. Бундан ташқари, август ойида ҳам иш ташлашлар қайта-қайта ўтказилиши режалаштирилган: 8–11, 15–18, 22–25 август ҳамда 29-август – 1-сентябр кунлари.







