Путин ва Зеленский юзма-юз учрашадиган бўлди
Истанбулдаги музокарада бунга келишиб олинди.

Украина ва Россия Зеленский ҳамда Путиннинг учрашувини ўтказиш бўйича келишувга эришди. Бу ҳақида Туркия ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, бу келишув Истанбулда ўтган музокараларнинг учинчи босқичи доирасида муҳокама қилинган.
“Украина ва Россия етакчилари саммитини Туркияда ўтказиш бўйича келишувга эришилди. Бунда музокаралар делегацияларининг роли катта. Мазкур масалани тобора пухтароқ муҳокама қилишимиз давомида, учрашувга тайёргарлик белгилари борлигини кўряпман”, — дея қўшимча қилди Фидан.
Туркия ТИВ раҳбари, шунингдек, агар музокаралар давом этса, “оралиқ келишувга эришиш” мумкинлигига ишонч билдирди.
Аввалроқ Владимир Зеленский ҳам Путин билан тўғридан-тўғри учрашув ҳақида гапириб, музокарада ушбу масала муҳокама қилинганини айтганди.
“Россия ва Украина делегациялари ўртасидаги сўнгги музокараларда икки давлат етакчиларининг тўғридан-тўғри учрашуви эҳтимоли муҳокама қилинди”, — деган у журналистлар билан учрашувда.







