Рамзан Қодиров Туркияда шифохонага ётқизилди
У курортда дам олаётган вақтида соғлиғи ёмонлашган.

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров 24 июл куни Эгей денгизи соҳилидаги Бодрум курортида дам олаётган вақтида ўзини ёмон ҳис қилган ва чўкиб кетишига сал қолган. Уни сувдан олиб чиқишган, биринчи ёрдам кўрсатишган ва тез ёрдам машинасида шифохонага олиб кетишган. Бу ҳақида турк оммавий ахборот воситалари хабар бермоқда.
Чеченистон расмийлари турк матбуотида чиққан бу хабарларга ҳозирча изоҳ бергани йўқ.
Маълумот учун, 2019 йил январь ойида Қодировда ошқозон ости безининг некрози аниқланган, 2022 йил баҳоридан бошлаб эса унинг аҳволи ёмонлашган. Россия президент маъмурияти 2023 йил сентябридан бошлаб Чеченистонда ҳокимият алмашинуви сценарийсини ишлаб чиқмоқда, чунки 48 ёшли Қодировнинг соғлиғи тобора ёмонлашиб бормоқда.







