Африкаликлар хайрия ишларига европаликларга қараганда 2,5 баравар кўпроқ сахийлик қиладилар
Япония эса энг зиқна давлат сифатида қайд этилди.

Британиянинг "Charities Aid Foundation" ташкилоти томонидан тайёрланган 2024 йилги “Жаҳон хайрия ҳисоботи”га кўра, африкаликлар саховат бобида бошқа минтақалардан сезиларли даражада илгарилаб кетган.
Ҳисобот 101 та давлатда 50 мингдан ортиқ респондентлар ўртасида ўтказилган сўров натижасига асосланган. Маълум қилинишича, жаҳон бўйича одамларнинг ўртача 64 фоизи хайрия ишларига ҳисса қўшади. Ушбу кўрсаткич Африкада 72 фоиз, Осиёда 69 фоиз, Европада эса 59 фоизни ташкил қилган. Шимолий Американида эса бу кўрсаткич 56 фоиз атрофида.
Хайрияга сарфланадиган даромад улуши бўйича ҳам Африка етакчилик қилмоқда. Минтақа аҳолиси ўртача даромадларининг 1,54 фоизини хайрия ишларига ажратади. Бу Европа кўрсаткичидан қарийб 2,5 баравар юқори — Европада бу рақам атиги 0,64 фоизни ташкил қилган. Германияда эса энг паст натижалардан бири қайд этилган — бор-йўғи 0,39 фоиз.
Энг саховатли давлат сифатида Нигерия ажралиб турибди: мамлакат аҳолиси ўртача даромадининг 2,83 фоизини хайрия, диний харажатлар ёки бевосита ёрдам учун сарфлайди. Энг паст кўрсаткич Япония ҳиссасига тўғри келди — атиги 0,16 фоиз.
Мазкур ҳисобот халқаро донорлик маданиятини таҳлил қилишда муҳим манба сифатида эътироф этилмоқда.








