Туркияда ноқонуний меҳнатга қарши чоралар кучайтирилди
Ноқонуний ишлаётган хорижий фуқароларни аниқлаш ҳолатларида уларнинг депортация билан боғлиқ барча харажатлари иш берувчилар зиммасига юкланади.

Туркияда ишга рухсатсиз жалб қилинган хорижий фуқаролар билан боғлиқ депортация харажатлари иш берувчиларнинг зиммасига юкланади. Бу ҳақда мамлакат Адлия ва Ички ишлар вазирликлари ҳамкорлигида тасдиқланган янги норматив ҳужжатга таянган ҳолда Yeni Safak нашри хабар бермоқда.
Янги тартибга кўра, агар хорижлик мигрант меҳнат фаолиятини расмий рухсатсиз амалга ошираётган ҳолатда аниқланса, уни вақтинча сақлаш, депортация марказларида жойлаштириш, озиқ-овқат, тиббий хизматлар ва ватанига қайтариш харажатлари тўлиқ иш берувчи томонидан қопланади. Мигрант оила аъзолари билан бўлган ҳолатларда, уларнинг харажатлари ҳам иш берувчининг зиммасига юкланади.
Агар мигрант мамлакатни ўз хоҳиши билан тарк этишни рад этса, давлат томонидан қилинган барча харажатлар — шу жумладан, суд, солиқ ва бошқа маъмурий йўллар орқали ундирилади.
Шунингдек, эндиликда Туркия иштирокчиси бўлган халқаро шартномаларда бевосита кўзда тутилган ҳолатлар бундан мустасно, ҳар қандай хорижий фуқарони рухсатсиз меҳнат фаолиятига жалб этиш қатъиян ман этилади. Бу чора орқали меҳнат бозорида адолатли рақобатни таъминлаш, ноқонуний миграцияга қарши курашиш ва хорижлик ишчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсад қилинган.







