Сурия Башар ал-Ассад ағдарилгандан кейинги илк сайловига тайёргарлик кўрмоқда
Сайловлар 15–20 сентябрь кунлари бўлиб ўтади.

Сурия Ассаддан кейинги илк парламент сайловларини шу йил сентябрь ойида ўтказади. Бу ҳақда мамлакатда сайловларни ташкил этиш бўйича масъул орган раҳбари маълум қилди.
Юқори халқ мажлиси сайловлари бўйича қўмитанинг раиси Муҳаммад Тоҳа ал-Аҳмаднинг айтишича, сайловлар 15–20 сентябрь кунлари ўтказилиши режалаштирилган. Бу Сурия собиқ президенти Башар ал-Ассад декабрь ойида исёнчилар ҳужуми оқибатида ҳокимиятдан ағдарилганидан кейин ўтказиладиган илк сайловдир.
210 депутатлик ўринларининг учдан бир қисмини муваққат президент Аҳмад ал-Шараа тайинлайди, қолган ўринлар учун эса фуқаролар овоз беради. Ҳар бир вилоятда сайловчилар коллегияси ташкил этилади.
Март ойида Аҳмад ал-Шараа томонидан имзоланган вақтинчалик конституцияга кўра, “Халқ қўмитаси” парламент вазифасини бажаради. Доимий конституция ишлаб чиқилиши ва умумхалқ сайловлари ўтказилишигача ушбу тизим амалда бўлади.
Сайловлар эълон қилингандан бери мамлакатда сиёсий ва диний тарқоқлик кучаймоқда. Шу ой бошида Свеида вилоятида юз берган сектааро тўқнашувларда юзлаб одамлар ҳалок бўлди. Ҳозирча муваққат ҳукумат халқнинг ишончини қозона олмаган. Исроил эса Друзе озчилигини ҳимоя қилиш мақсадида ҳукумат кучларига ва Мудофаа вазирлиги штаб-квартирасига авиазарба берганини маълум қилган.







