Эрон Теҳронни вақтинча ёпишга тайёрланмоқда – сув танқислиги йирик инқирозга айланди
Ҳукумат ноанъанавий чораларни, жумладан иш ҳафтасини қисқартириш ва масофавий ишлашга ўтишни таклиф қилмоқда.

Эрон ҳукумати мамлакатда юзага келган жиддий сув танқислиги сабабли пойтахт Теҳронни бир ҳафтага ёпиш масаласини кўриб чиқмоқда. Расмийларнинг таъкидлашича, сув ресурсларининг кескин камайиши оқибатида давлат муассасалари, таълим масканлари ва бошқа ташкилотлар вақтинча фаолиятини тўхтатиши мумкин.
Ҳукумат матбуот котиби Фотима Моҳажирони ушбу вазиятни “миллий муаммо” деб атаб, у инсонпарварлик ва иқтисодий инқирозга олиб келиши мумкинлигини маълум қилди. Унга кўра, вазият шу даражада кескинки, пойтахтни бошқа шаҳарга кўчириш масаласи ҳам муҳокама қилинмоқда.
Маҳаллий нашрларнинг хабар беришича, ҳукумат сув ва электр энергиясини тежаш мақсадида иш ҳафтасини тўрт кунга қисқартириш ва имкони борича масофавий ишлаш тизимини жорий этишни таклиф қилмоқда.
Мутахассислар маълумотига кўра, Эрон сув ҳавзаларининг 80 фоиздан ортиғи қуриган ёки деярли қуриган. Пойтахт Теҳронни сув билан таъминлаб келган Жажруд дарёси март ойидаёқ деярли тўлиқ қуриган. Яқин икки ой ичида барқарор сув таъминоти тикланиши кутилмаяпти.
Ўтган ҳафтада Теҳрон ва яна 50 дан ортиқ шаҳарда сув таъминоти чеклаб қўйилди. Аҳоли соатлаб, баъзида эса кунлаб сувдан узилган ҳолатда қолмоқда. Бу эса кўплаб фуқароларнинг шимолдаги Каспий денгизи яқинидаги ҳудудларга кўчиб ўтишига сабаб бўлган.
Президент Масъуд Пезешкияннинг пойтахтни бошқа шаҳарга кўчириш эҳтимолини инкор этмаган баёноти вазиятнинг нақадар оғирлигини кўрсатмоқда. Мутахассислар инқирозни узоқ йиллар давомида экологик муаммоларга эътибор қаратилмагани ва ресурслар инфратузилма ўрнига бошқа сиёсий йўналишларга йўналтирилгани билан изоҳламоқда.







