Пекин сув остида қолди
Ёмғир ва кўчкилар натижасида 30 киши ҳалок бўлди, юзлаб аҳоли эвакуация қилинмоқда.

Пекин ва унга туташ ҳудудларда ёғган кучли ёмғирлар ва сув тошқинлари натижасида камида 30 киши ҳалок бўлди. Расмий маълумотларга кўра, фақатгина Миюн туманида 28, Янчинда 2 нафар фуқаро ҳаётдан кўз юмган. Хебей провинциясида эса кўчкилар сабаб 4 киши вафот этган, 8 нафари бедарак йўқолган.
Табиий офат ортидан 80 мингдан ортиқ аҳоли хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилинди. 28 июль куни Пекинда ёғингарчилик 543 миллиметргача етиб, рекорд даражага чиқди. 136 та қишлоқ электр таъминотисиз қолган. Пекин раҳбарияти энг юқори даражадаги огоҳлантиришни эълон қилди ва одамларни уйдан чиқмасликка чақирди.
Хитой раҳбари Си Сзинпин барча қутқарув кучларини сафарбар қилишни буюрди, Бош вазир Ли Сян эса Миюн туманидаги талафотларни жиддий деб баҳолади. Тайшитун шаҳарчасида сув кўчаларни тўлдириб юборган, электр устунлари ағдарилган. “Ҳаммаси бир зумда содир бўлди”, — деди воқеага гувоҳ бўлган дўкон эгаси.
Мутахассислар фикрича, кучли ёғингарчилик ва сув тошқинларининг ортиб бориши глобал иқлим ўзгаришининг оқибати. Пекинда охирги йилларда бу каби табиий офатлар такроран юз бермоқда. 2023 йилдаги сув тошқинларида ҳам катта зарар кўрилган, минглаб одам эвакуация қилинган эди.







