Европа Иттифоқи Украинага молиявий ёрдам кўрсатишни тўхтатди
Бунга Украинанинг коррупцияга қарши курашиш муассасалари билан боғлиқ муаммолари сабаб бўлди.

Европа Иттифоқи Украина Миллий антикоррупция бюроси (NABU) ва Коррупцияга қарши ихтисослаштирилган прокуратура (SAP) атрофидаги вазият сабабли Киевга ажратилиши режалаштирилган молиявий ёрдамни вақтинча тўхтатди.
Бу ҳақда “Ekonomichna pravda” нашри манбага таяниб хабар берди. Нашрда келтирилишича, Европа томони ҳолат ижобий томонга ўзгармагунча молиявий кўмакни музлатишга қарор қилган.
Таъкидланишича, бу қарор икки йирик дастур доирасидаги маблағларни қамраб олади: Музлатилган Россия активларидан фойдаланишга асосланган ERA дастури доирасида 17,2 миллиард евро ва “Ukraina Facility” дастури доирасида 12,5 миллиард евро миқдоридаги ёрдам вақтинча тўхтатилган.
Европа Иттифоқи вакиллари Киевдан коррупцияга қарши курашишда аниқ ва самарали чораларни кутмоқда. Молиявий ёрдамнинг тикланиши Украина коррупцияга қарши муассасалари фаолиятининг ислоҳ қилинишига боғлиқ бўлади.







