16 ёшгача бўлганларга YouTube аккаунти яратиш тақиқланди
Қарор болаларни интернетдаги зарарли контентдан ҳимоя қилиш мақсадида қабул қилинган.

Австралия ҳукумати томонидан қабул қилинган янги қарорга мувофиқ, 2025 йил 10 декабрдан бошлаб 16 ёшгача бўлган болалар учун YouTube аккаунти яратиш тақиқланади. Бу орқали мамлакат ижтимоий тармоқларга кириш бўйича ёш чекловларини кучайтирган дунёдаги илк давлатлардан бири бўлмоқда.
Мазкур қарор мамлакат интернет хавфсизлиги регулятори томонидан илгари сурилган тавсиялар асосида қабул қилинди. Аввалроқ ушбу тақиқ фақат TikTok, Instagram, Facebook, X (собиқ Twitter) ва Snapchat каби платформаларга нисбатан амал қилган эди.
Австралия бош вазири Энтони Албанезе бу ташаббусни қуйидагича изоҳлади: “Ижтимоий тармоқларнинг салбий таъсирини биламиз. Ҳукуматингиз ёш австралияликларни ҳимоя қилиш борасида қатъий чора кўришга бел боғлаган.”
Тадқиқотларга кўра, 10–15 ёш орасидаги болаларнинг катта қисми айнан YouTube’дан фаол фойдаланмоқда. E-Хавфсизлик комиссари Жули Инман Грант ўтказган сўров натижасига кўра, болаларнинг 37 фоизи зарарли контентни айнан ушбу платформада кўрганини билдирган.
YouTube эса ўзининг ижтимоий тармоқ эмаслигини таъкидлаб, бу қарорга эҳтиёткорона ёндашмоқда. Компания баёнотида платформа “бепул ва сифатли контент кутубхонаси” экани ва таълим ҳамда соғлиқни сақлаш каби ижтимоий соҳаларга фойда келтириши қайд этилган.
Шунга қарамай, янги тартибга кўра, 16 ёшгача бўлган фойдаланувчилар аккаунт очолмайди, бироқ платформага чекланган тарзда киришлари мумкин бўлади.







