Энди университетда бахтли бўлиш сирлари ҳам ўргатилади
Бу бўйича дунёда илк бор «Бахт» факультети очилди.

Американинг Нью-Джерси штатидаги Centenary университетида инсон бахтини ўрганиш бўйича дунёдаги биринчи факультет очилди. Бу ерда талабалар докторлик даражасини олишлари мумкин бўлади.
“Биз бутун дунё миқёсида ташвиш, тушкунлик, ёлғизлик ва умумий бахтсизликнинг кучайиб бораётганини кўряпмиз. Бу нафақат катталар, балки болалар ва ўсмирлар орасида ҳам кузатилмоқда. Руҳий саломатлик инқирози пайтида бу ортиқча ҳашамат эмас, балки заруратдир”, дейди лойиҳа муаллифларидан бири Тал Бен.
Унинг сўзларига кўра, таълим онлайн форматда 4 йил давом этади. Талабалар нейробиология, психология, дин, фалсафа, адабиёт ва етакчилик хислатларини шакллантиришни ўрганади. Дастур сўнгида PhD даражасига эга бўлади.
Биринчи босқичга 25 киши қабул қилинади, кейин эса бу йўналишдаги талабалар сонини 100 нафарга етказиш режалаштирилган.







