Канада ва Малта Фаластин давлатини тан олишини эълон қилди
Канада Бош вазири Марк Карни Ғазо секторидаги вазиятни кескин танқид қилди.

Канада ва Малта расмийлари Фаластин давлатини тан олиш режасини эълон қилди. Бу ҳақда Euronews.com нашри хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, ҳар икки давлат жорий йилнинг сентябрь ойида бўлиб ўтадиган БМТ Бош Ассамблеясининг сессиясида Фаластин давлатини расман тан олиш ниятини билдирган. Канада ва Малта шу тариқа бу борада аввалроқ баёнот берган Франция ва Буюк Британия позициясини қўллаб-қувватлади.
Канада Бош вазири Марк Карни мамлакат ҳукуматининг позициясини изоҳлар экан, Ғазо секторидаги инсоний инқирозни қайд этиб, халқаро ҳамкорлик воситасида минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлаш зарурлигини таъкидлади.
— Канада узоқ йиллардан буён Исроил билан ёнма-ён, хавфсизликда яшайдиган, суверен ва ҳаётга қодир Фаластин давлатининг икки давлатли ечим асосида шаклланишини қўллаб-қувватлаб келмоқда, — деди у.
Бош вазирнинг таъкидлашича, Канада Фаластинда кучли демократик бошқарувни йўлга қўйишга, хусусан, 2026 йилда ўтказилиши режалаштирилаётган, радикал гуруҳларни истисно қилувчи сайловларни қўллаб-қувватлашга тайёр.
Малта Ташқи ишлар вазирлиги доимий котиби Кристофер Кутажар эса БМТнинг икки давлатли ечимга бағишланган анжуманида сўз олиб, Малта Фаластин халқининг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқини ҳамиша қўллаб-қувватлаб келганини эслатди.
— Масъулиятли халқаро ҳамжамият вакиллари сифатида биз икки давлат ечимини назариядан амалиётга ўтказиш учун ҳаракат қилишимиз керак, — деди у.
Исроил Ташқи ишлар вазирлиги эса ушбу қарорни танқид қилиб, “Канада ҳукуматининг айни дамдаги позициясининг ўзгариши ҲАМАС учун мукофот” эканини билдирди.







