Зилзила сабаб Камчатка 2 метрга силжиди
30 июль юз берган ер силкиниши ҳудудга сезиларли даражада таъсир қилган.

Камчатка яриморолининг жанубий қисми 30 июль куни юз берган кучли зилзила оқибатида жануби-шарққа томон 2 метрга силжиди. Бу ҳақида Россия Фанлар академияси Ягона геофизика хизмати ҳудудий бўлими маълум қилди.
“Биз геодинамик кузатувлар натижаларига кўра дастлабки ҳисоб-китобни амалга оширдик. Маълум бўлдики, биз жануби-шарқий томонга сезиларли дарачада кўчганмиз”, - дейди муассаса ходимлари Телеграм-каналида.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, икки метрли силжишни 2011 йилда Япониянинг Тохоку шаҳрида содир бўлган зилзиладан кейинги горизонталь силжишлар билан солиштириш мумкин.
Шу билан бирга, Петропавловск-Камчатский шаҳри тахминан 50 сантиметрга кўчган.
Эслатиб ўтамиз, яриморол ҳудудида жорий йилнинг 20 июль куни 7,6 балли, 30 июлда эса 8.8 балли ер силкинишлари қайд этилган. Бу эса ҳудудда цунамига сабаб бўлди, тўлқинлар баландлиги 10-15 метрга етган.







