Украиналиклар ўз ерини босқинчига бермайди — Зеленский
Киев раҳбари Трампнинг ҳудудий алмашинув ҳақидаги таклифига жавоб қайтарди.

Украина президенти Владимир Зеленский АҚШ президенти Доналд Трампнинг урушни тўхтатиш мақсадида Россия ва Украина ўртасида келажакда “ҳудудий алмашинув” бўлиши мумкинлиги ҳақидаги сўзларига жавоб берди.
“Украинанинг ҳудудий масаласи бўйича жавоб аллақачон Конституциямизда бор. Буни ҳеч ким ва ҳеч қачон ўзгартира олмайди. Украиналиклар ўз ерини босқинчига бермайди”, — деган Зеленский эрталабки мурожаатида.
“Украина тинчлик келтириши мумкин бўлган ҳақиқий ечимларга тайёр. Бизга қарши бўлган, Украинанинг иштирокисиз қабул қилинган ҳар қандай қарор бу бир вақтнинг ўзида тинчликка қарши қарор ҳамдир. Улар ҳеч нарсага олиб келмайди. Булар “ўлик” қарорлар ва ҳеч қачон ишламайди. Биз президент Трамп ҳамда бошқа ҳамкорларимиз билан “ҳақиқий тинчлик йўлида” ишлашга тайёрмиз", — деди Зеленский.
Аввалроқ The Wall Street Journal манбаларига таяниб, Владимир Путин Украина Донецк ва Луганск вилоятларидан воз кечиши эвазига сулҳга тайёр эканини хабар қилганди. Ҳозирда бу ҳудудларнинг катта қисми Россия назорати остида.







