Россиянинг нефтдан оладиган даромади 30 фоизга қисқарди
Бунга мамлакатга нисбатан жорий этилган санкциялар сабаб бўлган.

Европа Иттифоқи ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Кая Калласнинг таъкидига кўра, жорий санкциялар Россиянинг нефт экспортидан оладиган фойдасини тахминан учдан бир қисмига қисқартирган. Бу ҳақда у Die Welt нашрига берган суҳбатида айтиб ўтди.
Калласнинг сўзларига кўра, Европа қўлга киритган чоралар Россия иқтисодиётига жиддий зарба бермоқда, натижада мамлакат миллиардлаб доллар йўқотмоқда.
“Бу пуллар энди Россиянинг ҳарбий ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга сарфланмайди. Агар Европа Иттифоқи чоралари АҚШ томонидан ҳам қўллаб-қувватланса, таъсири янада кучли бўлади”, — деди у.
Шунингдек, Каллас ЕИ ҳозирда Россияга қарши навбатдаги — 19-санкциялар пакетини ишлаб чиқиш жараёнида эканини маълум қилди.







