Россияда ўзбекистонлик ва тожикистонлик мигрантлар ўртасида муштлашув юз берди
Полиция рейд давомида жами 30 нафар мигрантни қўлга олган.

Россиянинг Ленинград вилоятида Ўзбекистонлик муҳожирлар билан жанжаллашган уч нафар Тожикистон фуқароси қўлга олинди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлигининг Санкт-Петербург шаҳри ва Ленинград вилояти бўйича департаменти маълум қилди.
Полиция хабарига кўра, воқеа 26 август куни Всеволожск туманининг Янино-1 қишлоғидаги Голландская кўчасида қурилиш майдонида содир бўлган. Ҳодиса юзасидан ўтказилган рейд чоғида Ўзбекистон ва Тожикистондан келган жами 30 нафар мигрант ички ишлар органларига олиб кетилди.
Тергов доирасида аниқланишича, можаро бошланишига сабаб бўлган 22–26 ёш оралиғидаги уч нафар Тожикистон фуқароси қўлга олиниб, уларга нисбатан Жиноят кодексининг 213-моддаси (Безорилик) бўйича иш қўзғатилди.
Шунингдек, 14 нафар Тожикистон ва 9 нафар Ўзбекистон фуқароси майда безорилик учун маъмурий жавобгарликка тортилди. Текширув жараёнида Россияда ноқонуний бўлиб турган бир ўзбекистонлик мигрант аниқланиб, уни депортация қилиш мақсадида вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилди.








