АҚШ Фаластин расмийлари учун виза беришни бекор қилди
Давлат департаменти қарорни ушбу ташкилотларнинг мажбуриятларни бажармагани ва тинчлик жараёнига путур етказгани билан асослаб берди.

АҚШ маъмурияти Фаластин вакилларига БМТ Бош Ассамблеяси доирасидаги тадбирларда иштирок этиш учун виза бермаслик қарорини қабул қилди.
Давлат департаменти баёнотида қайд этилишича, қонунчилик талаблари асосида Давлат котиби Марко Рубио Фаластин Озодлик Ташкилоти ҳамда Фаластин Миллий Маъмурияти аъзоларига визалар беришни тўхтатган.
Вашингтон ушбу қарорни мазкур ташкилотларнинг ўз зиммасига юкланган мажбуриятларни бажармагани ва тинчлик жараёнига салбий таъсир кўрсатгани билан изоҳлади. Шу билан бирга, АҚШ фақат Фаластин Миллий Маъмуриятининг БМТдаги доимий миссияси ходимларига истисно тариқасида виза берилишини маълум қилди.







