2027 йилгача 278 миллион бола таълимсиз қолиши мумкин
Энг катта хавф Ғарбий ва Марказий Африкада (1,9 млн бола) ва Яқин Шарқ ҳамда Шимолий Африкада (1,4 млн бола) кузатилмоқда.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) томонидан эълон қилинган янги ҳисоботга кўра, 2027 йилга келиб дунё бўйича мактабга бормаган болалар сони 278 миллион нафарага етиши мумкин. Бу 2026 йил охирига нисбатан қарийб 6 миллион болага кўпдир.
Ташкилот маълумотига кўра, асосий сабаб таълим соҳасига йўналтириладиган расмий ривожланиш ёрдами (ODA) ҳажмининг 2023 йилга нисбатан 24 фоизга камайиши бўлди. Хусусан, 3,2 миллиард долларлик қисқаришнинг деярли 80 фоизи учта донор давлат ҳиссасига тўғри келмоқда.
Молиялаштиришнинг қисқариши энг аввало Ғарбий ва Марказий Африкага таъсир кўрсатади — бу ҳудудда 1,9 миллион бола таълимсиз қолиш хавфи остида. Яқин Шарқ ва Шимолий Африкада эса 1,4 миллион болага қўшимча хавф туғилмоқда, айниқса гуманитар инқироздан азият чекаётган мамлакатлар бундан кўпроқ зарар кўради.
ЮНИСЕФ ижрочи директори Кетрин Расселнинг таъкидлашича, таълимдан ажратилган ҳар бир доллар фақат бюджет қарори эмас, балки минглаб болаларнинг келажагини белгилайди. Ҳисоботда бошланғич таълим энг катта зарар кўриши айтиламоқда, чунки молиялаштиришнинг қисқариши болаларнинг бутун ҳаёти давомида 164 миллиард долларлик йўқотишга олиб келиши мумкин.
Энг катта йўқотишларни Кот-д’Ивуар ва Малида кузатиш мумкин — бу давлатларда молиялаштириш қисқариши сабабли мос равишда 340 минг ва 180 минг бола таълимдан четда қолиши мумкин. Шунингдек, Бангладешдаги рохинжа қочқинлари учун таълим марказларининг ёпилиши оқибатида 350 минг бола хавф остида қолиши таъкидланган.
ЮНИСЕФ халқаро ҳамжамиятни таълим дастурларини қўллаб-қувватлашга, айниқса кам ривожланган мамлакатларда молиялаштиришни оширишга, гуманитар инқироз шароитида таълимни муҳофаза қилишга ва ресурсларни бошланғич ҳамда асосий таълимга йўналтиришга чақирди.








