Қозоғистон Ташқи ишлар вазири ҳибсга олинди — ОАВ
Вазир ШҲТ саммитидан қайтиши билан қўлга олинган.

Қозоғистон Республикасида коррупцияга қарши кураш ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан навбатдаги тергов ҳаракатлари доирасида ташқи ишлар вазири Мурат Нуртлеу қўлга олинди.
Orda.kz нашри ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбаларга таяниб хабар беришича, вазир Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитидан қайтиб келганидан кейин, ўз уйида ушланган. Шунингдек, тадбиркор Гаджи Гаджиев ҳамда Миллий хавфсизлик қўмитасининг бир нечта юқори лавозимли ходимлари ҳам қўлга олингани маълум қилинди. Мазкур шахсларнинг уйларида тинтув ишлари олиб борилган.
Сўнгги ойлар ичида Қозоғистонда бир қатор йирик мансабдор шахсларнинг жавобгарликка тортилиши кузатилмоқда. Жумладан, август ойи бошида транспорт вазири ўринбосари Сатжан Аблалиев порахўрлик гумони билан ҳибсга олинган эди. Июн ойида эса собиқ адлия вазири Марат Бекетаев фирибгарлик ва йирик миқдордаги ўзлаштиришда айбли деб топилиб, суд ҳукми билан 9 йилга озодликдан маҳрум этилган.
Расмий органлар ҳозирча ҳибсга олинган вазир ва бошқа шахсларга оид батафсил маълумот бермаган.







