Россияда муҳожир болаларнинг 87 фоизи мактабга қабул қилинмади
Мактабларга киришда хорижлик ўқувчиларнинг катта қисми рус тили имтиҳонларидан ўта олмаган.

Рособрнадзор маълумотларига кўра, Россия умумий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун ариза берган хорижлик вояга етмаганларнинг 87 фоиздан ортиғи белгиланган тартибдаги рус тили имтиҳонидан ўта олмади.
Қайд этилишича, 2025 йил 1 апрелдан бошлаб чет эллик фуқароларнинг фарзандлари рус мактабларига қабул қилиниши учун рус тилини етарли даражада билиши мажбурий талаблардан бири этиб белгиланган. Шу мақсадда биринчи синфдан бошлаб 11 синфгача бўлган таълим босқичларига мослаштирилган тест тизими жорий этилган.
Хабарларга кўра, апрель–август ойларида 23 мингдан ортиқ хорижлик болалар мактабга кириш учун ариза топширган. Шундан 8223 нафар бола тест синовига юборилган бўлиб, 5940 нафари имтиҳонда қатнашган. Уларнинг атиги 2964 нафари синовдан муваффақиятли ўтган.
Маълум қилинишича, тест жараёнида биринчи синфга кирувчилар учун оғзаки нутқ, тинглаб тушуниш, лексик ва грамматик билимлар баҳоланса, юқори синфларда қўшимча равишда ўқиш ва ёзиш кўникмалари ҳам синовдан ўтказилади.
Шунингдек, таълим муассасасига қабул қилиш учун ҳужжатлар тўплами тўлиқ ва қонуний бўлиши талаб этилади. Зарур ҳужжатлар тақдим этилмаган ҳолларда ариза кўриб чиқилмайди.







