БМТ Бош Ассамблеяси Фаластин давлатини тан олишга доир декларацияни маъқуллади
Декларацияда Ғазо урушига барҳам бериш, ҲАМАС ҳукмронлигини тугатиш ва мустақил Фаластин давлатини барпо этиш зарурлиги қайд этилди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 12 сентябр куни бўлиб ўтган ялпи мажлисда Фаластин давлатини тан олиш ва Исроил–Фаластин можаросини икки давлат тамойили асосида ҳал қилиш бўйича муҳим декларацияни кўпчилик овоз билан маъқуллади.
Декларацияда Ғазо секторидаги урушни тўхтатиш, ҲАМАСнинг ҳудуддаги ҳукмронлигини тугатиши, шунингдек, халқаро ҳамжамият иштирокида Фаластин маъмуриятига қурол топширилиши зарурлиги қайд этилган. Асосий мақсад – суврен ва мустақил Фаластин давлатини барпо этишдир.
Al-Arabiya ахборот агентлиги берган маълумотга кўра, ҳужжатни қўллаб-қувватлаб 142 давлат овоз берган, 10 давлат қарши чиққан, яна 12 давлат бетараф қолган.
Мазкур декларацияда халқаро ҳамжамиятнинг Исроилнинг Ғазо сектордаги ҳаракатларига ҳамда 2023 йил 7 октябр куни ҲАМАС томонидан амалга оширилган ҳужумларга нисбатан қатъий муносабати билдирилди ва улар қораланди.
Қайд этилишича, етти саҳифадан иборат бўлган ҳужжат ўтган йил июль ойида Саудия Арабистони ва Франция ташаббуси билан БМТда ташкил этилган халқаро конференция натижаси ҳисобланади.







