Путин ва Трамп Малайзияда кўришиши мумкин
Малайзия Бош вазири икки давлат етакчиларининг ASEAN саммитида иштирок этишини эълон қилди.

Малайзия Бош вазири Анвар Иброҳимнинг маълум қилишича, Россия Президенти Владимир Путин ҳамда АҚШ Президенти Дональд Трамп октябрь ойида Куала-Лумпурда ўтказиладиган ASEAN саммитида қатнашади. Саммит доирасида Хитой, Бразилия ва Жанубий Африка раҳбарлари ҳам иштирок этиши режалаштирилган.
Июль ойида Куала-Лумпурда ASEAN ташқи ишлар вазирлари йиғилиши бўлиб ўтган эди. Унда Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров АҚШ давлат котиби Марко Рубио билан Украина, Эрон ва Сурия бўйича музокаралар олиб борган. Лавров ASEAN билан ҳамкорлик минтақавий хавфсизликни таъминлашга хизмат қилаётганини таъкидлаган.
Кремль ҳам, Оқ уй ҳам Малайзия бош вазирининг баёнотини ҳали расман тасдиқлагани йўқ. Путиннинг Трамп билан охирги марта учрашуви Аляскада ўтган Россия–АҚШ саммитида бўлиб ўтган, ундан олдин эса икки лидер телефон орқали мулоқот қилган эди.
ASEAN саммити Жануби-Шарқий Осиё давлатлари ассоциациясининг энг йирик йиғилиши бўлиб, унда сиёсий, иқтисодий ва хавфсизлик масалалари муҳокама қилинади. Ҳар йили икки марта ўтказиладиган йиғилишларда АҚШ, Хитой, Россия ва бошқа ҳамкор давлатлар мунтазам иштирок этиб келади.







