АҚШ ва Толибон гаровга олинган фуқаролар масаласида музокара ўтказди
Оқ уй ва АҚШ Давлат департаменти воқеа юзасидан ҳозирча изоҳ бермаган.

АҚШ ҳукумати Афғонистонда ҳокимиятни эгаллаб турган Толибон ҳаракати билан гаровга олинган америкаликларни озод этиш масаласида музокаралар ўтказди. Бу ҳақда Reuters агентлиги манбаларига таяниб хабар берди.
Музокараларда АҚШнинг гаровга олиш масалалари бўйича махсус вакили Адам Беллер ҳамда Афғонистон бўйича собиқ махсус вакил Залмай Ҳалилзод иштирок этди. Афғонистон томонини эса мамлакат ташқи ишлар вазири Амирхон Муттақий вакиллик қилди.
Афғонистон Ташқи ишлар вазирлиги икки томон учрашувларда гаровга олинганлар ва турли давлатларда ҳибсда сақланаётган фуқаролар масаласи бўйича мулоқотни давом эттиришга келишиб олганини билдирди.
Оқ уй ва АҚШ Давлат департаменти музокаралар юзасидан ҳозирча изоҳ бермади. Reuters манбасига кўра, АҚШ расмийлари Толибоннинг инсон ҳуқуқлари борасидаги мажбуриятларни бажараётганида секинлик кузатилаётгани сабабли норози. Бу эса келгусида фойдали қазилмалар соҳасида ҳамкорлик қилиш истиқболларини ноаниқ қолдирмоқда.







