Хитойда янги iPhone Air савдосига рухсат берилмади
iPhone 17 сериясининг бошқа моделлари Хитой ва жаҳон бозорига чиқади, бироқ iPhone Air савдоси тўхтатилди.

Apple корпорациясининг янги iPhone Air модели Хитой бозорида сотувга чиқарилиши тақиқланиб турибди. Бу ҳақда South China Morning Post нашрига таянилиб, Oxu.Az хабар берди.
Маълум қилинишиича, компания мазкур моделни мамлакатда рўйхатдан ўтказиш учун зарур рухсатни ололмаган. Натижада iPhone Air савдосини бошлаш муддати кечиктирилган.
Шунга қарамай, Apple’нинг бошқа маҳсулотлари – iPhone 17 сериясидаги қолган моделлари 19 сентябрдан бошлаб Хитой ва бошқа мамлакатларда сотувга чиқарилади.
Манбага кўра, iPhone Air одатий SIM-карта уясига эга эмас. Қурилма фақат виртуал SIM-карта – eSIM технологияси билан ишлаб чиқарилган. Хитойда эса eSIM асосида ишловчи қурилмаларни ишга тушириш учун назорат органларининг махсус рухсати талаб қилинади.







