Саудия ва Покистон мудофаа пактини имзолади
Ҳужжат ҳар қандай тажовузга қарши қўшма тўсиқ яратишни кўзда тутади.

Кеча, 17 сентябрь куни Ар-Риёдда Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон ва Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф ўзаро мудофаа пактини имзолади. Бу ҳақида Reuters агентлиги хабар бермоқда.
Бу келишув Исроилнинг Қатардаги Ҳамас сиёсий етакчиларига ҳужумидан сўнг чақирилган Араб Лигаси ва Ислом ҳамкорлик ташкилотининг фавқулодда йиғилишидан икки кун ўтиб имзоланган.
Қўшма баёнотда таъкидланишича, мазкур пакт икки давлатнинг хавфсизликни кучайтириш, минтақада ва бутун дунёда тинчликка эришиш йўлидаги умумий интилишларини ифода этади. Ҳужжат мудофаа соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, ҳар қандай тажовузга қарши қўшма тўсиқ яратишни кўзда тутади. Шунингдек, қайд этилишича, икки давлатдан қайси бирига тажовуз қилинса, бу ҳар иккаласига ҳам қилинган тажовуз сифатида баҳоланади.
Баёнотга кўра, мудофаа пакти Саудия ва Покистон ўртасидаги тарихий шериклик, умумий стратегик манфаатлар ҳамда яқин мудофаа ҳамкорлигига асосланади.
Ушбу келишув араб кўрфази давлатлари АҚШнинг узоқ йиллик хавфсизлик кафолатчиси сифатидаги ролини қайта баҳолаб, унга шубҳа билан қараётган бир шароитда юзага келди. Reuters’нинг қайд этишича, Исроилнинг ўтган ҳафтадаги Қатарга ҳужуми бу хавотирларни янада кучайтирган.







