Трамп: “Путиндан умидим катта эди, аммо у мени хафа қилди”
АҚШ президенти Россия билан музокаралар кутилганидан мураккаброқ кечаётганини билдирди.

АҚШ президенти Дональд Трамп Буюк Британия бош вазири Кей Стармер билан ўтказилган қўшма матбуот анжуманида Россия президенти Владимир Путин Украинадаги можаро юзасидан кутилганидан бутунлай фарқли позиция билдиргани сабабли уни “тушкунликка солганини” маълум қилди.
Трампнинг қайд этишича, у Россия ва Украина билан музокаралар осонроқ кечишига умид қилган, аммо воқеалар кутганидан мутлақо бошқача йўналишда ривожланмоқда. “Мен яхши хабарга умид қилгандим, аммо вазият аксинча бўлиб чиқди. Шунга қарамай, келажакда Украинадаги можарога барҳам берилишига ишончим комил”, — деди АҚШ раҳбари.
Буюк Британия бош вазири Кей Стармер эса Трампнинг фикрларини қўллаб-қувватлади ва можаронинг тугашига эришиш учун Россияга нисбатан босимни кучайтириш лозимлигини таъкидлади. “Президент Путинга кучли босим ўтказилса, у музокараларга мойиллигини намоён этиши мумкин”, — деди Стармер.








