Европа Иттифоқи Эронга қарши санкцияларни қайта тиклади
Эронга қурол, уран бойитишга оид технология, энергетика ускуналари ва қимматбаҳо металлар етказиб бериш ман этилди.

29 сентябр куни Европа Иттифоқи Кенгаши Эроннинг ядровий дастури билан боғлиқ равишда илгари тўхтатилган санкцияларни қайта жорий этиш тўғрисида қарор қабул қилди.
Мазкур қарор БМТ Хавфсизлик Кенгаши томонидан санкцияларни узайтирмаслик қарори ортдан ҳамда Франция, Германия ва Буюк Британия томонидан Қўшма кенг қамровли ҳаракатлар режасида (JCPOA) назарда тутилган “snapback” механизмини ишга туширилиши натижасида қабул қилинди.
Қайта тикланган чоралар сафига айрим жисмоний ва юридик шахсларга нисбатан сафар чекловлари жорий этиш, активларни музлатиш, иқтисодий ресурслардан фойдаланишни тақиқлаш, шунингдек, савдо, молия ва транспорт соҳаларида кенг қамровли иқтисодий санкциялар киради.
Бундан ташқари, Эронга қурол экспорти, уранни бойитиш ёки баллистик ракета дастурларида қўлланилиши мумкин бўлган технологияларни етказиб бериш қатъиян ман этилди. Энергетика соҳаси учун зарур бўлган ускуналар, олтин ва бошқа қимматбаҳо металлар, олмос ҳамда айрим денгиз ускуналари ва дастурий таъминот етказиб бериш ҳам тақиқланмоқда.
Европа Иттифоқи, шунингдек, Эрон Марказий банки ва йирик тижорат банкларининг активларини музлатиш тартибини тиклади, Эрон юк самолётлари учун ЕИ аэропортларига киришни ман қилди ҳамда тақиқланган товарларни ташувчи кемаларга техник хизмат кўрсатишни тақиқлади.
Теҳрон эса бундай қарорларга кескин жавоб берилишини билдирган ва Франция, Германия ҳамда Буюк Британиядаги элчиларини маслаҳатлашувлар учун чақириб олишини эълон қилган.







