Самарқандда пиёдани уриб юборган ҳайдовчи қамалди
Суд унга нисбатан ҳукм эълон қилиб, махсус ҳуқуқдан маҳрум қилди.

Жорий йилнинг 11 апрель куни Самарқанд шаҳрида 28 ёшли ҳайдовчи Lacetti автомашинасини пиёдалар йўлаги томон ҳайдаб, йўл-транспорт ҳодисасига сабабчи бўлганди. Оқибатда бир киши ҳалок бўлиб, яна бир нечта шахс турли даражадаги тан жароҳатларини олганди.
Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди мазкур ишни кўриб чиқиб, ҳайдовчини Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан айбдор деб топди. Суд ҳукмига кўра, 1997 йилда туғилган ҳайдовчи 7 йилга озодликдан маҳрум этилди ҳамда 3 йил муддатга транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинди.
Эслатиб ўтамиз, яқинда Сурхондарё вилоятида ҳам шунга ўхшаш ҳолат кузатилган эди. Унда Damas ҳайдовчиси пиёдалар йўлагидан ўтаётган тўрт кишини уриб кетгани натижасида улар турли тан жароҳатлари олган.







