Қирғизистонда ўлим жазоси қайта тикланиши мумкин
Садир Жапаров оғир жиноятлар учун қонунчиликка ўзгартириш киритиш бўйича топшириқ берди.

Қирғизистон президенти Садир Жапаров мамлакатда аёллар ва болаларга қарши содир этилган ўта оғир жиноятлар учун ўлим жазосини жорий этишга доир қонун лойиҳаси ишлаб чиқилишини топширди. Бу ҳақда Президент матбуот котиби Аскат Алагозов ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилди.
Унга кўра, Президент Администрацияси Ҳуқуқий таъминлаш бўлими мудирига болаларни зўрлаш, аёлларни зўрлаш ва ўлдириш жиноятлари учун энг оғир жазони назарда тутувчи қонунчиликка ўзгартишлар киритиш бўйича топшириқ берилган.
Мазкур қарор Иссиқкўл вилоятида 17 ёшли қизнинг ўлдирилиши ортидан қабул қилинган. Аниқланишича, жиноятни илгари судланган эркак содир этган бўлиб, у ҳозирда қўлга олинган.
Маълумот учун, Қирғизистонда ўлим жазосига мораторий 1998 йилдан буён амал қилиб келмоқда. 2007 йилда ушбу жаза расман бекор қилинган ва 2010 йилда мамлакат БМТнинг ўлим жазосини бекор қилишга қаратилган Иккинчи Факултатив Протоколига қўшилган.







